Шрифт
Uzreport TV дастурларини тарқатиш вақтинча тўхтатилди
Play

Uzreport TV дастурларини тарқатиш вақтинча тўхтатилди

Uzreport TV теледастурларини Ўзбекистон ҳудудида рақамли шаклда тарқатиш 3 июндан бошлаб вақтинча тўхтатилди.

“Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази” давлат унитар корхонасининг билдиришича, “Uzreport TV”2017 йил апрель-май ойларида теледастурини тарқатиш хизмати учун қарздор бўлиб қолган.

Uzmetronom.com нашрининг ўз манбасига таяниб хабар беришича, телеканалнинг “Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази”га қарзи 450 миллион сўмни ташкил этади.

Кун янгиликлари

Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонда қўлга олинган ўзбекистонликлар масаласида нота жўнатди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон омбудсмени январь воқеаларидаги тартибсизликларда иштирок этганликда гумонланган 14 нафар ўзбекистонлик қамоқда сақланаётгани тўғрисида баёнот бергани ортидан қўшни давлатга нота жўнатди.

“Ушбу хабарга ойдинлик киритиш учун Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги Элчихонаси Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқаролари, улар сақланаётган жойлар, жавобгарликка тортилиш сабаблари тўғрисида тўлиқ маълумот бериш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари ходимлари учун консуллик учрашувини ташкил этишни сўраб тегишли нота юборди”,-дейилади Ташқи ишлар вазирлиги 22 февралда тарқатган билдирувида.

Аввалроқ Озодлик радиоси Қозоғистон Омбудсмени Эльвира Азимова Қозоғистондаги январь воқеаларида оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда гумонланган 18 нафар чет эл фуқароси ҳибсда сақланаётгани тўғрисида маълумот берганини ёзган эди. Омбудсменнинг айтишича, хорижликларнинг 14 нафари Ўзбекистон, 2 нафари Россия ва 2 нафари Қирғизистон фуқаросидир.

Январда Ўзбекистон экспортининг 42 фоизини олтин ташкил этди

2021 йилнинг охирларида хорижга олтин сотишни тўхтатган Ўзбекистон 2022 йил январида 586,6 миллион долларлик олтин экспорт қилди. Давлат статистика қўмитасининг билдиришича, экспорт ҳажмининг қарийб 42 фоизини олтин ташкил қилган. Январь ойида жами экспорт 1,399 миллиард доллар бўлган. Бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробар кўп.

Олтин олди-сотдисига иҳтисослашган World Gold Council нашри 16 февралда Ўзбекистон 2021 йилнинг декабрида 8,4 тонна олтин сотиб олиб, жаҳондаги йирик олтин харидорларидан бирига айлангани тўғрисида хабар берган эди. Бу билан у 10,1 тонна олтин сотиб олган Туркиядан кейинги иккинчи ўринни эгаллади. Учинчи ўринда эса 3,7 тонна олтин сотиб олган Ҳиндистон бормоқда.

Давлат статистика қўмитаси 2022 йил январида Ўзбекистон 2021 йилда хориж давлатларига олтин сотишни қисқартиргани тўғрисида маълум қилганди. Расман билдирилишича, Ўзбекистон ўтган йили 4 миллиард 100 миллион долларлик олтин сотди.

Расмий маълумотларда Ўзбекистон 2020 йилда 5,8 миллиард долларлик, 2019 йилда эса 4,9 миллиард долларлик олтин сотгани қайд этилган.

“Ўзгидромет”: Чоршанбадан жумагача тўртта вилоятда сел келиши мумкин

Қашқадарё, Жиззах, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларининг қатор туманларида 23−25 февраль кунлари сел келиши хавфи мавжуд. Бу борада “Ўзгидромет” 22 февраль куни хабар берди.

Расман билдирилишича: Қашқадарё вилоятининг Яккабог, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузар, Косон, туманлари;

Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Ғаллорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод, Зафаробод туманлари;

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон туманлари;

Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттагўрғон туманлари сел келиши мумкин бзлган худудлардир.

“Ўзгидромет” тоғ олди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчиларга эҳтиёт чораларини кўришни тавсия қилди.

Қозоғистонда 14 ўзбекистонлик январь воқеаларига алоқадорликда айбланиб, қамоқда сақланмоқда

Қозоғистондаги январь воқеаларида оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда гумонланган 18 нафар чет эл фуқароси ҳибсда сақланмоқда. Улардан 14 нафари Ўзбекистон, 2 нафари Россия ва 2 нафари Қирғизистон фуқаросидир. Бу ҳақда Қозоғистон Омбудсмени Эльвира Азимова маълум қилгани тўғрисида Tengrinews хабар берди.

Эльвира Азимованинг билдиришича, Ўзбекистон фуқаролари 6 январь куни қўлга олинган. Улар ҳибсда икки кун давомида етарли даражада ичимлик суви ва озиқ-овқат билан таъминланмаган. Бундан ташқари, ҳибсхонада маҳбуслар меъёридан кўп бўлгани оқибатида қўлга олинганлар ноинсоний шароитда яшашга мажбур бўлган.

Омбудсмен 10 январдан сўнг ҳибсхонада вазият барқарорлашгани, уларга уйларидан жўнатмаларни қабул қилишга рухсат берилгани, аммо озиқ-овқат таъминоти кўнгилдагидай эмаслигини таъкидлади.

10 февраль куни Ўзбекистоннинг Олмаотадаги бош консули Ўзбекистон фуқароси Сакен Толиповнинг январь воқеалари бўйича ҳибсга олингани муносабати билан Қозоғистонга нота йўллаганини маълум қилди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги нота юборилгани ҳақидаги маълумотни Озодликнинг қозоқ хизматига тасдиқлади, аммо унинг мазмунини очиқлашдан бош тортди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистондаги январь воқеаларида қўлга олинган бошқа ўзбекистонликларга нисбатан шу кунгача муносабат билдирмади.

Алламжонов: Президент ташрифи арафасида барча вилоят ҳокимлари Қорақалпоғистонга сафарбар этилди (ВИДЕО)

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи арафасида 1,5 минг кишидан иборат ишчи гуруҳ республикага сафарбар қилинди. Бу ҳақда Масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Telegram саҳифасида хабар берди.

Унинг айтишича, ишчи гуруҳ таркибига Ўзбекистондаги барча вилоятлар ҳокимлари ҳам киритилган. “Уларнинг ҳар бирига биттадан туман ва объектлар бўлиб берилмоқда”,-деди Алламжонов.

У ишчи гуруҳнинг вазифаси нимадан иборат эканлигини, вилоят ҳокимлари ўзларига ажратилган туманларда нималарни ўрганиши ёки аниқлаши кераклиги тўғрисида маълумот бермади.

“Ҳозир биз махсус гуруҳ билан бирга Қорақалпоғистоннинг ҳар бир туманини биттама-битта айланиб чиқяпмиз. Энг ачинарлиси шуки, бу ерда оппоқ қорга ўхшаган нарса асли туз. Шунинг ўзидан бу ерда экологик фожианинг нақадар катта эканини билса бўлади. Эртага (23 февраль куни - муҳаррир) бу ерга президентнинг келиши кутилмоқда”,-деди Алламжонов.

ССВ: Коронавирусга қарши эмловда қўлланилган вакцина миқдори 45 миллион дозадан ошди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланган 2021 йил апрелидан буён шу кунгача 45 миллион 97 минг 335 доза вакцинадан фойдаланилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик 1-босқичда эмланганлар сони 19 миллион 630 минг 924 нафарни, 2-босқичда эмланганлар сони 15 миллион 247 минг 729 нафарни, 3-босқичда эмланганлар сони эса 10 миллион 218 минг 682 нафарни ташкил этганини билдирган.

ССВ қайдича, Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланган 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар орасида 1-босқичда эмланганлар 526 минг 418 нафарни, 2-босқичда эмланганлар 330 минг 566 нафарни ташкил қилган.

Вазирлик 21 февраль куни Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларидан ташқари барча ҳудудларда 175 киши коронавирусга чалингани, шу тариқа хасталик юқтириб олганларнинг умумий сони 235 минг 602 нафарга етганини маълум қилган.

Душанба куни республиканинг ўнта ҳудудида 1 минг 228 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 229 минг 19 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 2 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 623 нафарга етганини, шунингдек 31 нафар кишида пневмония аниқланганини қўшимча қилган.

Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамкорлари орасида ҳамон Россия ва Хитой пешқадамлик қилмоқда

Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 3,5 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, бунинг 1,4 миллиард доллари экспорт, 2,1 миллиард доллари эса импорт ҳиссасига тўғри келади. Бундан келиб чиқадики, Ўзбекистон 2022 йилнинг илк ойида хорижга сотган маҳсулот ва хизматлардан кўра чет мамлакатлардан 33 фоизга кўпроқ товар ва хизмат сотиб олган.

Ҳисобот даврида Ўзбекистон энг кўп Хитой ва Россия билан олди-берди қилган. Хусусан, ўтган ойда мамлакат Хитойдан 463,8 миллион долларлик маҳсулот ва хизмат импорт қилиб, ХХРга 157,1 миллион долларлик товар ва хизмат экспорт қилган бўлса, Россиядан 392,6 миллион долларлик маҳсулот ва хизмат импорт қилиб, РФга 180,7 миллион долларлик товар ва хизмат экспорт қилган. Бу икки мамлакат 2021 йилда ҳам Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамкорлари орасида пешқадамлик қилишган.

Давстатқўм январь ойида Ўзбекистон билан фаол иқтисодий ҳамкорлик қилган мамлакатлар орасида яна Қозоғистон ($266,8 млн), Туркия ($266,1 млн), Жанубий Корея ($213,4 млн), Қирғизистон ($60,3 млн), Украина ($48,9 млн), Германия ($45,3 млн), Ҳиндистон ($44,5 млн) ва Тожикистон ($43,1 млн) кабиларни санаб ўтган.

Оғир атлетикачи Мафтуна Исмоилова 2025 йил декабригача мусобақалардан четлатилди

Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Мафтуна Исмоилова тўрт йилгача мусобақаларга қатнаша олмайди. Бу ҳақда Миллий антидопинг агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада қайд этилишича, Миллий антидопинг агентлиги ҳузуридаги Ахлоқ комиссиясининг қарорига кўра, оғир атлетикачи Мафтуна Исмоиловадан ўтган йил ноябрь ойида мусобақадан ташқари даврда олинган допинг-синамасида тақиқланган “Оксандролон” ва “Станозолол” моддалари аниқланган.

Шу боис спортчи аёл “Бутунжаҳон антидопинг кодексининг 2.1-моддасида кўзда тутилган антидопинг қоидабузарлиги учун 2021 йил 23 декабридан бошлаб 2025 йил 22 декабрига қадар 4 йил муддатга дисквалификация қилинган”.

Ўтган ҳафта Озодлик допинг туфайли грек-рим курашчиси Султонбек Элмуратов дисквалификация қилингани ҳақида хабар қилган эди.

Мирзиёев янги импорт автомобиллар учун бож миқдорини пасайтиришга оид қарор имзолади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 февраль куни хориждан олиб келинаётган янги автомобиллар учун бож миқдорини пасайтиришга оид қарор имзолаган.

“Автотранспорт воситаларининг ички бозори ривожланишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги мазкур қарорга мувофиқ, автомобиллар олиб киришда божхона тўловлари ставкалари икки босқичда пасайтирилади.

"Халқ сўзи" нашри қайдича, ҳужжат имзоланган пайтдан бошлаб 2023 йил 1 январига қадар божлар икки ёки ундан ортиқ бараварга қисқартирилади. Бунда автомобиль двигатели қуввати бўйича қўшимча коэффициент миқдори ҳам қисқартирилади. Автомобиль двигателининг ҳар бир куб см учун белгиланган қўшимча коэффициентлар ҳам 2023 йил 1 январдан икки баробарга пасаяди.

Янги тартиб, яъни божлар фақат чиқарилган кундан бошлаб Ўзбекистон божхона чегарасини кесиб ўтиш вақтида 1 йилдан кўп бўлмаган янги автомобилларга нисбатан қўлланилади, аввал бу 3 йилдан кўп бўлмаган автомобилларга нисбатан қўлланилиши айтилган.

Давлатнинг 8 миллиардини яқинларига бўлиб берган Кинематография раҳбари 8 миллион сўм жаримага тортилди

Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди 21 февраль куни, Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдуҳолиқовга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқди ва қарор чиқарди.

Олий суднинг билдиришича, Фирдавс Абдуҳолиқов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-8-моддаси (давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 4-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Мазкур жарима миқдори айни пайтда 8 миллион 100 минг сўмни ташкил қилади.

Коррупцияга қарши кураш агентлиги 24 январь куни Фирдавс Абдуҳолиқов сериаллар олиш учун давлат субсидияларининг камида 8 миллиард сўмини хотини, қизи ва ўғлига мансуб бўлган ширкатларга ўтказиб берганини маълум қилган эди.

Шундан сўнг 1 февраль куни Олий суд Абдухолиқовга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича иш очилганини ва у жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судига юборилганини билдирган.

Ҳиндистоннинг Apollo Hospitals халқаро тармоғи Ўзбекистонда ўз клиникасини очади

Ҳиндистоннинг халқаро Apollo Hospitals тармоғи Marafon Group билан ҳамкорликда Ўзбекистонда юқори технологияли тез тиббий ёрдам клиникасини ташкил этади. Бу ҳақда The Times of India газетаси хабар берди.

Лойиҳавий қиймати 30 миллион доллар бўлган клиника, дастлаб 100 кишига мўлжалланади. Кейинроқ 200 ўринга кенгайтирилади.

Хабарда айтилишича, клиникадан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам фойдаланишига имконият яратиш мақсадида Фарғона вилоятида қурилади.

Клиника онкология, урология, нейрохирургия, кардиология, юқори аниқликдаги ташхис қўйиш ва аъзолар трансплантацияси билан шуғулланади.

1983 йилда ташкил этилган Apollo Hospitals тармоғи Ҳиндистонда биринчилардан бўлиб АҚШдаги Халқаро бирлашган комиссиянинг халқаро аккредитациясига эга бўлган.

Қозоқ фермерлари Ўзбекистонга гўшт экспорт қилишга рухсат берилишини талаб этмоқда

Қозоғистон фермерлари ҳукуматдан гўшт экспорт қилишга қўйилган мораторийни бекор қилишни ва Ўзбекистонга гўшт экспортини қайта тиклашни талаб этмоқда.

“Озод Европа-Озодлик” ва “Америка овози” радиолари қўшма лойиҳаси бўлган “Настояшчее время” телеканалининг билдиришича, фермерлар бу борада ҳукуматга мурожаат жўнатган.

Фермерларга кўра, Ўзбекистон бир кило гўштни 10 доллардан сотиб олишга тайёр. Мамлакат ичкарисида эса гўштнинг бир килоси учун 6 доллар таклиф қилинмоқда. Фермерлар ички бозорни ҳам етарли даражада гўшт билан таъминлашга ваъда бермоқда.

Қозоғистон ҳукумати 2021 йилнинг ноябрида қурғоқчилик оқибатида чорва моллари қирилиб кета бошлагани ортидан ички бозорни таъминлаш учун гўшт экспортини тақиқлаган эди.

Қозоғистон 2021 йилнинг ноябригача Ўзбекистонга гўшт экспорти бўйича Беларусдан кейинги 2-ўринни эгаллаган эди. Ўтган йилнинг январидан- ноябригача Ўзбекистон гўшт экспортини 40 фоизга оширган ва хориж давлатларидан 22 миллион 700 минг долларлик гўшт сотиб олган.

Қадимий қўлёзмаларни талон қилган Миллий университет ходимларига жиноят иши қўзғатилди

Миллий университет Ахборот ресурс маркази фондида сақланган XIII - XIX асрларга оид қиймати 2,6 миллиард сўмлик тарихий ва бадиий аҳамиятга эга бўлган 56 дона қўлёзма ва 6 дона тошбосма асарлар талон - торож қилинганлиги ва бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура 21 февраль куни маълум қилди.

Расман билдирилишича, 19 февраль куни университетнинг мансабдор ва моддий жавобгар шахслари, шунингдек, Ахборот ресурс маркази директори ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Тергов Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда. Тергов устидан Бош прокуратура назорати ўрнатилган.

Аввалроқ Kun.uz XIII-ХV асрларда ёзилган ўнлаб нодир қўлёзмалари ЎзМУ кутубхонасидан йўқолганлиги ҳақида хабар берган эди.

ЎзМУ музейидаги нодир китоблар қаёққа йўқолди?

Йўқолган қўлёзмалар орасида Абу Бакр Собунийнинг XIII асрга оид қўлёзма асари, Шарафиддин Али Яздийнинг ХV асрда ёзилган "Муқаддимаи Зафарнома" қўлёзма китоби, Алишер Навоийнинг тилла суви юритилган "Хамса" достони ва бошқа ўнлаб нодир қўлёзмалар бор.

Тошкент шаҳри ва вилоятида экстремизмга алоқадорлик иддаоси билан 24 киши қўлга олинди

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 24 нафар шахс ушланган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Ички ишлар вазирлиги мазкур шахсларнинг “экстремистик ташкилотларга алоқадор” эканини иддао қилган.

“Тадбир давомида ушланган шахсларнинг яшаш манзилларида ўтказилган тергов ҳаракатлари натижасида экстремистик оқим ва ҳалқаро террорчилик ташкилоти тарғиботчиларининг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва тақиқланган материаллари топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинди”, дейилган ИИВ хабарномасида бу кишиларни қўлга олиш бўйича тезкор тадбир қачон ўтказилганига аниқлик киритилган эмас.

Вазирлик айни пайтда қўлга олинган шахсларга нисбатан тергов давом этаётганини қўшимча қилган.

Тошкент ва Душанбе расмийлари миграцияга оид бир нечта ҳужжат имзолашди

Тожикистоннинг меҳнат, миграция ва бандлик вазири ўринбосари Абдулғаффор Раҳмонзода бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг 16-18 февраль кунлари Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича миграция соҳасидаги ҳамкорликка оид тўртта ҳужжат имзоланди.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги қайдича, мазкур ҳужжатлар орасида Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Тожикистон Меҳнат вазирлигининг миграция хизмати ўртасида меморандум ҳамда декларация ҳам бор.

“Имзоланган ҳужжатлар меҳнат соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни такомиллаштириш ва ривожлантиришга қаратилган”, дейилган агентлик хабарномасида.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги икки давлат расмийлари музокаралари натижасида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида касб-ҳунар таълими соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича декларация тузилганига ҳам эътибор қаратган.

📎📎📎📎📎📎📎📎📎📎