Қирғиз президенти чегаралар делимитация-демаркациясини тезлатишни буюрди
Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жеенбеков мамлакатнинг Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегараларини делимитация ва демаркация қилиш жараëнини тезлатишни буюрди.
Душанба куни чегара масалалари бўйича ҳукумат махсус вакили Қурбонбой Искандаров билан учрашувда Бишкек раҳбари Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари сафари давомида эришилган чегарага оид келишувлар ижросини тезроқ тугатишни сўраган.
Президент матбуот хизматининг билдиришича¸ айни кунларда ўзбек-қирғиз чегарасидаги аниқланмай қолган ҳудудлар борасидаги ишлар жадал олиб борилмоқда.
Ўтган йил сўнггида эълон қилинган расмий баëнотларда¸ 1378 километр километрлик Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасининг 320 километри ёки 58 та участкаси баҳсли бўлиб қолаëтгани айтилган эди.
Кун янгиликлариОАВ: Толибон мулозимлари “Ҳайратон – Мозори Шариф” темир йўли бошқарувини ЎТЙдан қайтариб олмоқчи
“Ҳайратон – Мозори Шариф” темир йўли бошқарувини босқичма-босқич равишда Афғонистон темир йўллар бошқармасига ўтказиб берилади. Бу ҳақда TOLOnews Толибон тузган ҳукумат мулозимлари сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.
Нашр манбасига кўра, темир йўл техник ишларини бошқариш ва товарларни транспортировка қилиш билан ҳукумат даромадлари ортади. Шу важдан техник фаолиятни Ўзбекистон ширкатидан афғонистонликларга олиб беришга қарор қилишган.
“Биз уларга 10 майдан кейин темир йўлдан даромад йиғиш вазифасини Афғонистон ҳукумати ўз зиммасига олиши ҳақида баёнот йўлладик”, деган Афғонистон темир йўллар бошқармаси раиси Бахтур-Раҳмон Шарофат.
Ҳозирги пайтда “Ҳайратон – Мозори Шариф” темир йўлининг техник эксплуатацияси билан “Ўзбекистон темир йўллари” корхонасига қарашли “Сўғдиёна-Транс” ширкати шуғулланмоқда. Афғонистон бу ширкатга йилига 18 миллион доллар тўлаяпти.
Аввалроқ айнан Бахтур-Раҳмон Шарофат бошчилигидаги афғон делегацияси 12-14 апрель кунлари Термиз шаҳрида ўзбек расмийлари билан бўлиб ўтган музокараларда, “Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизмати маълумотига кўра, ОАВда пайдо бўлган ўзбекистонлик темирйўлчилар билан фаол ҳамкорлик тўхтатилишига оид хабарларни рад этишган эди. Афғонистон темир йўллар бошқармаси раиси мазкур музокараларда ҳатто келажакда ЎТЙ билан ҳамкорлик янада кенгайиши ҳақида билдирган.
“Ҳайратон – Мозори Шариф” темир йўли Афғонистон товарлари учун асосий транзит йўллардан бири бўлиб ҳисобланади. Маълумотларга кўра, ҳукумат мазкур темир йўлдан ойига 2,5 миллион доллардан 4 миллион долларгача даромад топади.
Мирзиёев май ойи охирида жавоб ташрифи билан Қирғизистонга боради
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиеёв жорий йилнинг май ойи охирида Қирғизистонга ташриф буюради. Буни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов билан Бишкекда бўлиб ўтган учрашувда қайд этган.
Жапаров ўзбекистонлик ҳамкасбининг жавоб ташрифи чоғидаги олий даражали музокаралар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни ўзаро ҳамкорликнинг барча соҳаларида ривожланишнинг кейинги босқичига олиб чиқишига ишонч билдирган. Қирғизистон президенти Ўзбекистон ўз мамлакати учун муҳим ташқи сиёсий ва стратегик ҳамкор эканини яна бир бор урғулаган.
Ўз навбатида, Сардор Умурзоқов Садир Жапаровга Бишкекка Шавкат Мирзиеёвнинг топшириғига кўра келганини, сафардан мақсад Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга жавоб ташрифини ҳозирлаш эканини айтган. Мулозим расмий Тошкент ўзбек-қирғиз алоқалари янада ривожланиши ва мустаҳкамланишидан ҳамда яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва стратегик шериклик руҳидаги ҳамкорликдан манфаатдор ва бунга ҳозир эканини тасдиқлаган.
Қирғизистон президенти С. Жапаров ўтган йилнинг март ойида Тошкентга сафар қилган эди. Ўшанда Ўзбекистон билан Қирғизистон ҳамкорлигига оид 22 та ҳужжат имзоланган.
Аввалроқ Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев 26-27 май кунлари Евросиё иқтисодий кенгаши ва Евросиё иқтисодий форуми доирасида Бишкекка келиши кутилаётгани хабар қилинган.
Украинадан Руминияга қочиб ўтган ўзбекистонлик опа-сингил Туркия орқали ватанига қайтарилди
Украинанинг Одесса шаҳридан Руминиянинг Бухарест шаҳрига март ойида гуманитар йўлак орқали қочиб ўтишга мажбур бўлган ўзбекистонлик опа-сингил Исмагиловалар юртига қайтишга муваффақ бўлишди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси ходимларидан олинган маълумотга таянган ҳолда “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилди.
Ўзбекистонлик 30 ёшли Алина ва 28 ёшли Елвина Исмагиловалар Руминия пойтахтига бориб қолганларидан кейин Тошкентга қайтишда ёрдам сўраб, апрель ойининг илк куни Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонасига мурожаат қилишган. Ўзбекистонлик дипломатлар ёрдами билан улар 2 апрель куни Туркиянинг Истанбул шаҳрига етиб келишган.
Улар Истанбулда уч кун турганларидан кейин ҳомийлар ҳисобидан сотиб олинган авиачипта билан 5 апрель куни Ўзбекистонга қайтишган.
Аввалроқ Ўзбекистон ТИВ жорий йилнинг 28 февралидан 24 мартигача 27 та авиарейс билан Украинанинг ҳарбий ҳаракатларга саҳна бўлган ҳудудларидан 6 минг 30 нафар фуқаро қайтарилгани ҳақида маълумот тарқатган эди.
Ҳайдовчилик гувоҳномаcини алмаштириш муддати яна узайтирилди
Ўзбекистонда ҳукуматнинг жорий йил 12 апрелидаги қарори билан эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини мажбурий алмаштириш муддати чўздирилди.
“Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, 2010 йилгача бўлган даврда берилган ҳужжатлар 2023 йил 31 мартигача, 2010 – 2012 йилларда берилганлари 2023 йил 30 июнигача, 2013 – 2015 йилларда берилганлари 2023 йил 30 сентябригача, 2015 йилдан кейин берилганлари 2023 йил 31 декабригача алмаштирилиши шарт.
Мазкур муддатларгача алмаштирилмаган гувоҳномалар ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши эслатилган.
Ўзбекистонда эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш муддати икки йилдан буён узайтириб келинмоқда. Сўнгги бор бу муддат ўтган йил ноябрида чўздирилган эди.
Британия янги санкциялар жорий этган 206 киши орасида уч нафар ўзбекистонлик ҳам бор
Британия Москва Украинага уруш очгани ортидан Россиядаги 206 жисмоний ва юридик шахс, жумладан, уларга алоқадор бўлганларга нисбатан янги санкцияларни жорий этди.
13 апрель куни санкция жорий этилганлар орасида уч нафар ўзбекистонлик ҳам бор. Улар:
-1959 йилнинг 22 декабрида Тошкентда туғилган Россия фуқароси, аммо айни пайтда Тошкент шаҳри Устабоев кўчасида истиқомат қилаётган Гулбаҳор Исмоилова,
-келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Россия фуқароси Саодат Нарзиева
-1987 йилнинг 14 ноябрида Тошкентда туғилган, ҳозирда ҳам Ўзбекистон фуқароси бўлган, аммо Лондондаги Stafford Place кўчасида яшовчи Нигина Зоировалардир.
“Газета. уз”нинг ёзишича, Гулбаҳор Исмоилова россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг синглисидир. Британия Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Алишер Усмонов санкциялар рўйхатига киритилганидан сўнг бир қатор активларини Гулбаҳор Исмоилова номига ўтказиб берган. Жумладан, Исмоилова «Дилбар» яхтасининг ягона эгаси ҳисобланади.
Украина уруши ва Путиннинг ўзбек олигархлари. Санкциялар сиртмоғи тортилмоқдаИсмоилованинг Британиядаги барча активлари музлатилган ва унга мамлакатга кириш тақиқланган. Гулбаҳор Исмоилова Тошкентдаги Федорович номидаги клиник санаторий акцияларининг 82,1 фоизига ҳам эгалик қилади.
Саодат Нарзиева ҳам Алишер Усмоновнинг синглисидир. Очиқ манбалардаги айрим маълумотларга ишонилса, касби гинеколог бўлган Саодат Нарзиева Швейцариядаги энг йирик банклардан бири бўлган Credit Suisse банкида 2 миллиард долларлик ҳисобга эга.
“Газета.уз”нинг ёзишича, Саодат Нарзиева Тошкентда акушер-гинеколог бўлиб ишлайди. У Humon Quality хусусий клиникасининг эгасидир. Британия Ташқи ишлар вазирлиги унинг Британиядаги активларини ҳам музлатган ва мамлакатга киришини тақиқлаган.
Британия Ташқи ишлар вазирлиги санкциялар рўйхатига киритилган учинчи ўзбекистонлик Нигина Зоировани россиялик миллиардер, “Альфа-банк” акцияларининг асосий эгаси Михаил Фридман билан афилланган шахс сифатида тилга олган.
Британиянинг билдиришича, Михаил Фридманга нисбатан санкциялар жорий этилгач, Нигина Зоирова бирданига учта ширкатнинг хўжайинига айланиб қолган. У Британияда Фридман номидан фаолият юритаётгани аниқланган. Зоировага қарашли активлар ҳам музлатилган.
Британия Москва 24 февралда Украинага уруш очгани ортидан 13 апрелда Россияга нисбатан навбатдаги санкциялар пакетини жорий этди. Мазкур санкция рўйхатига 206 жисмоний ва юридик шахс киритилган.
Улар орасида ЛУКОЙЛ президенти Вагит Алекперов, АФК "Система" ширкати директорлар кенгаши раиси Владимир Евтушенков, давлат думаси депутати ва машҳур хоккейчи Вячеслав Фетисов ҳам бор.
Бундан ташқари Украина махсус хизматлари томонидан аввалроқ ҳибсга олинган ва Путиннинг биродари экани айтиладиган россияпараст сиёсатчи Виктор Медведчук ҳам санкциялар рўйхатига киритилди.
Зеленский “Путиннинг биродари” Виктор Медведчукни украиналик асирларга алмашишни таклиф қилдиРоссия Украинага бостириб кирганидан сўнг Европа Иттифоқи ва Ғарб давлатлари қаторида Британия ҳам Россияга нисбатан қатор санкцияларни жорий этган ва уларни кучайтириб бормоқда.
Лондон аввал Россиядан нефть ва газ сотиб олишга эмбарго киритган. Бундан ташқари Россия президент Владимир Путиннинг қизлари ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга нисбатан санкция эълон қлган.
АҚШ: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилиши давом этмоқда
АҚШ Давлат департаментининг 2021 йилдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига бағишланган навбатдаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистонда фуқароларнинг фундаментал ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётгани қайд этилди.
Давлат департаменти 2021 йилнинг 24 октябрида Ўзбекистонда ўтган президентлик сайловлари том маънода сайловчиларга муқобил номзодларни танлаш имкониятини бермаганини таъкидлаган.
“Президент Мирзиёев 80,2 фоиз овоз олиб қайта сайланди. Том маънодаги сиёсий муқобил кучлар танлови сайловчиларга таклиф этилмади, чунки ҳақиқий мухолифатдаги номзодлар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилди”,-дейилади ҳисоботда.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг билдиришича, “Ўзбекистонда сайлов тинч ўтган, бироқ овоз бериш ва овозларни ҳисоблаш жараёнида сезиларли даражадаги қонунбузарликлар ҳамда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари кузатилган”.
АҚШ ҳисоботида 2021 йил давомида давлат амалдорлари томонидан фундаментал инсон ҳуқуқлари бузилгани тўғрисида кўплаб маълумотлар олингани, бироқ инсон ҳуқуқларини бузган аксар амалдорлар қонуний жазодан қутулиб қолгани таъкидланади.
HRW: Ўзбекистон ҳукумати қамоққа олинган блогернинг қийноқ даъволарини текширмаганҲисобот муаллифлари Ўзбекистонда қийноқларга қарши қонун қабул қилинганига қарамай, мамлакатда маҳбуслар ва маҳкумларга нисбатан қийноқ ва ноинсоний муносабат давом этаётганини ҳам урғулаган.
Масалан, 2021 йил декабрда Самарқанд вилоятида икки нафар йўл назорати инспектори ҳибсга олинган ҳайдовчини беҳосдан ўлдириб қўйганликда айбдор деб топилди ва ҳар бири 2 йил 10 ойдан қамоққа ҳукм қилинди.
Аммо ҳибсга олинганидан сўнг вафот этган қатор маҳбуслар юзасидан олиб борилган текширувлар натижасида, уларнинг ўлимига сабабкор бўлиши эҳтимоли мавжуд кучишлатар тузилмалари ходимлари оқланди.
АҚШ Давлат департаментининг 2021 йилдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига бағишланган навбатдаги йиллик ҳисоботида қайд этилишича, Ўзбекистондаги қамоқларда ва тергов изоляторларида маҳбуслар ва маҳкумларни сақлаш шароити ўта оғирлигича қолмоқда. Жумладан, қамоқлар ва тергов изоляторлари ўта даражада тўлиб кетган, санитария шароити ўта қашшоқ ва озиқ-овқат етишмовчилиги муаммоси мавжуд.
Қамоқларда ва ҳибсхонларда маҳбусларга нисбатан жисмоний куч қўллаш ҳолатлари рўйхатга олинган. Маҳбус ва маҳкумларга тиббий хизмат кўрсатиш жуда саёз даражада ташкил этилган.
АҚШ ҳисоботида Ўзбекистондаги қамоқлар ва ҳибсхоналарда маҳкумлар ва маҳбуслар сони бу ердаги имкониятлардан 40 фоизга кўплиги қайд этилган.
Хьюман Райтс Вотч ва бошқа халқаро ташкилотларнинг билдиришича, Ўзбекистон қамоқларида маҳкумларни калтаклаш, қийноқларга солиш ва ноинсоний тарзда муомала қилиш тажрибаси сақланиб қолинмоқда.
АҚШ Давлат департаменти ҳисоботининг Ўзбекистонга оид қисмидаги “Сиёсий тутқунлар” боби блогер Отабек Сатторийнинг қамалиши воқеаси билан бошланади. Ҳисоботда Сатторий бевосита “сиёсий тутқун” деб аталмаган. Бироқ мазкур бобнинг айнан Отабек Сатторийдан бошлангани АҚШ уни “сиёсий тутқун” сифатида эътироф этаётгани эҳтимолини англатади.
Олий суд блогер Отабек Сатторийга чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирдиYouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогида танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий 2021 йил 10 майда 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.
Сатторийнинг қамалиши Ўзбекистонда ҳам, халқаро ташкилотлар миқёсида ҳам “сўз эркинлигига қарши зарба” сифатида баҳоланган эди. Айни пайтда ҳисоботда халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистонда “сиёсий тутқун” сифатида тан олинган сўнгги маҳкум Хайрулло Турсунов 2021 йилда озод этилгани таъкидланади.